Тошкент аҳолиси йўллардаги тирбандликка қандай муносабатда?
Статистикага кўра, 2022 йилда пойтахтда жисмоний шахсларга тегишли машиналар сони 562,1 мингтани ташкил этган.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Тошкент шаҳри аҳолисининг йўллардаги тирбандликка муносабати ўрганилди. Бу ҳақда институт ахборот хизмати «NOVA24»га хабар берди.
Тирбандликлар жаҳондаги аксарият йирик шаҳарлар учун катта муаммога айланиб улгурган. Inrix маълумотларига кўра, тирбандлик туфайли Лондонда битта ҳайдовчи йилига ўртача 156 соат, Чикагода 155 соат, Парижда 138 соат ортиқча вақт сарфлайди.
Тирбандлик Тошкентда ҳам жиддий муаммо. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Тошкент шаҳри ҳудудида жисмоний шахсларга тегишли автомашиналар сони 562,1 мингтани ташкил этган ва доимий яшовчи ҳар 1 000 кишига 178 та автомобиль тўғри келган.
Тадқиқот давомида Тошкент шаҳри аҳолисининг тирбандликка муносабати ва уни камайтириш бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ташкил этилди. Унда жами 891 киши иштирок этди. Иштирокчиларнинг 60,8 фоизи автомобиль ҳайдовчилари ташкил этди. Шундан 10,3 фоизи аёллардир.
Сўров натижасида қуйидагилар аниқланди:
- 1. Автомобиль бошқармаслигини таъкидлаган иштирокчиларнинг 41,8% и автобус, 27,5 фоизи метро, 24,1 фоизи такси, 1,7 фоизи микроавтобус хизматидан фойдаланишини ва 4,9 фоизи пиёда юришини билдирган. Жамоат транспортидан кўпроқ аёллар (33,1 фоиз) ва ёшлар (36,5 фоиз), шахсий транспортдан эркаклар (33,1 фоиз) фойдаланиши маълум бўлди.
- 2. Сўровда иштирок этган пойтахт аҳолисининг 74% и тирбандликни асосий муаммолардан бири, 21 фоизи ўрта даражадаги муаммо ва 5 фоизи бошқа муаммолар қаторида унчалик муҳим эмас, деб ҳисоблашини билдирган.
- 3. Тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Шу боис автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9 фоизи, микроавтобус йўловчиларининг 83,3 фоизи тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган.
- 4. Сўровда қатнашганларнинг 62,2 фоизи тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар, нотўғри парковка, 57,6 фоизи йўллардаги носозликлар, 46,8 фоизи ўқишга қатновчилар ҳамда 41,2 фоизи ишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар сифатида қайд этган.
- 5. Респондентлар биринчи ўринда кичик ҳалқа йўлидаги чорраҳаларни (136 маротаба), Бунёдкор шоҳ кўчасидаги чорраҳаларни (106 маротаба) тартибга келтириш лозимлигини қайд этган.
- 6. Сўров иштирокчиларининг 41,8 фоизи тирбандлик туфайли йўл учун кўпроқ вақт режалаштиришини, 39,1 фоизи тирбандлик йўқ йўллардан юришини, 16,9 фоизи тирбандлик камайишини кутишини айтган.
Билдирган фикрлар орасида жамоат транспорти (автобуслар) учун инфратузилмаларни яхшилаш, парковкаларни тўғри шакллантириш, кўпқаватли автотураргоҳлар, пиёдалар учун ерости ўтиш йўллари ва кўприклар қуриш, метро линияларини кенгайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, рақамли бошқарувга ўтиш каби таклифлар кўп учрайди.
Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги қарори ҳам жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилишни кўзда тутади. Унга асосан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун табиий газ воситасида ҳаракатланувчи 700 дона автобус ва 300 дона электробус харид қилиш белгиланган. Жорий йилнинг март ойи якунига қадар Хитойдан 110 дона автобус ва 150 дона электробус етказиб берилиши кутилмоқда. Бу саъй-ҳаракат тирбандлик муаммосини ҳал этишда ёрдам бериши билан бир қаторда пойтахтдаги экологик вазият учун ҳам ижобий аҳамиятга эга.