Ўзбекистон ТИВ хорижда қийин аҳволда қолган 462 нафар фуқарога ёрдам кўрсатди
Январь–февраль ойларида чет элда моддий жиҳатдан қийналган ўзбекистонликларга 57 минг доллар миқдорида ёрдам берилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижда қийин аҳволда қолган 462 нафар фуқарога ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг январь—февраль ойларида чет элда моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолган 462 нафар фуқарога қарийб 57 минг АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатилган.
Консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида эса чет элдаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хориждаги ватандошлар билан мулоқотни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилган.
Ўтган икки ой давомида:
- ўттиз икки мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилган.
- 794 нафар ҳамюртимизни чет элда иш билан таъминлашга кўмаклашилган.
Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар, табиий офатлар, мураккаб эпидемиологик ҳолатлар ва техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган 10 мингга яқин фуқаромизга 108 минг АҚШ долларидан зиёд кўмак кўрсатилган. Бунда ёрдамнинг катта қисми Туркияда рўй берган зилзила оқибатида жабр кўрган фуқароларга кўрсатилган.