Паризода Муниса Ризаеванинг клипида роль ижро этганидан хафа эканлигини айтди
«Клип чиққандан кейин, унда борманми ёки йўқманми, тушуна олмадим», дейди раққоса.
Раққоса Паризода «Шуҳрат» медали совриндори Муниса Ризаеванинг «Қоп-қора» клипига чиққанидан афсусда эканини айтди.
Паризода бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Машҳурлар» кўрсатувига берган интервьюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, клипда жуда кам кўринган, у иштирок этган кадрлар деярли қўйилмаган. Клип 2 кун совуқ ҳавода суратга олинган.
«Муниса Ризаеванинг Қоп-қора клипига чиқишимга зўрға кўндиришган, дизайнерлар роса ишлаб, катта-катта сўзлар берди. Улар стилингизни, кўринишингизни ўзгартирамиз, сизни умуман бошқа Паризода қилиб чиқарамиз деганди. Шу билан Муниса Ризаеванинг клипида роль ижро этдим. Клипнинг суратга олиш жараёнлари икки кун, совуқ ҳавода кечди. Кийим масаласида ҳам дизайнерларнинг олдига бориб қатнадик, кўп вақт кетди.
Клип чиққандан кейин, унда борманми ёки йўқманми, тушуна олмадим. Хафа бўлдим, нимага мени кам кадрга олишган деб ўйладим. Балки, ҳақиқатан ҳам образга мос тушмагандирман, юзим ўзбекча бўлиб қолгандир. Типаж мос тушмаслигини билиб ҳам шундай клипларга қадам босмайман. Лекин ўша пайтда стилист, дизайнерлар стилимни, кўринишимни ўзгартиришга ҳаракат қилган», — дейди у.