3 Mart 2023, 11:39 Iqtisod

Январда олтинни фақат Ўзбекистон Марказий банки фаол экспорт қилди

Январь ойида олтин бир унция учун 1 860 доллардан 1 960 долларгача кўтарилди. Юқори нарх Ўзбекистон олтин сотиши учун асосий сабаб бўлди.

Январда олтинни фақат Ўзбекистон Марказий банки фаол экспорт қилди

Жаҳон олтин кенгашининг (WGS) дастлабки маълумотларига кўра, жаҳон марказий банклари 2023 йилнинг январь ойида 30,8 тонна олтин сотиб олган.

Харид қилишнинг катта қисми учта марказий банк томонидан амалга оширилди — Туркия, Хитой ва Қозоғистон. Йилнинг биринчи ойида Туркия 23 тонна олтин сотиб олиб, жами олтин захирасини 565 тоннага етказди.

Хитой ноябрь ва декабрь ойларида қайд этилган 62 тоннага нисбатан январь ойида 15 тонна олтин сотиб олди. Бу Хитойнинг умумий олтин захирасини 2 025 тоннага етказди. Қозоғистон Марказий банки тўрт тонна олтин сотиб олиб, умумий захираларни 356 тоннага етказди.

Январь ойида марказий банклар орасида олтиннинг асосий сотувчиси кутилганидек Ўзбекистон Марказий банки бўлди. Мамлакат 11,5 тонна олтин сотиб, захираларини 384 тоннагача қисқартирди. 384 тонна — Ўзбекистон захираларининг 66 фоизини ташкил қилади.

Январь ойида олтин бир унция учун 1 860 доллардан 1 960 долларгача чўққига кўтарилди. Бу эса 2022 йил давомида олтин сотиб олишда етакчилардан бўлган Ўзбекистон Марказий банки учун айни муддаодир. Юқори нархлар сабаб мамлакат асосий олтин сотувчисига айланди.

Mashhur yangiliklar