Ўзбекистонда 2023 йилда 11 млрд долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади
Президент инвестицияларни жалб қилишда иқтисодий дипломатияни ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар иштирокини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни инвестициялар жалб қилиш ва саноатни ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнги йилларда барча тармоқлардаги дастурларга 31 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Натижада ўтган 5 йилда саноат 1,4 баробар, экспорт 1,5 баробарга ошган.
Келгуси 5 йилда иқтисодиёт барқарор ўсиши учун саноатни яна 1,5 баробарга ошириш, экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун 120 миллиард доллар сармоя, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестиция зарур.
Йиғилишда жаҳон молия бозорларидаги вазиятдан келиб чиқиб, соҳа олдидаги муҳим вазифалар кўрсатиб ўтилди. 2023 йилда 11 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, йирик инвесторлар билан манзилли ишлаш бўйича вазифалар белгиланди. Инвестицияларни жалб қилишда иқтисодий дипломатияни ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар иштирокини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Йил якунигача 304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Уларнинг натижасида қўшимча 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Давлат раҳбари саноат бўйича тармоқ ва ҳудудлардаги қўшимча захираларни ишга солиш, маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш учун таннархни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Хорижий консультантларни жалб қилиб, махсус ва кичик саноат зоналарини ҳудудларни ривожлантириш драйверига айлантириш зарурлиги таъкидланди.
Тўқимачилик, чарм, қурилиш материаллари, электр техникаси, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик каби тармоқларда янги маҳсулотларни ўзлаштириш, жаҳон брендларини олиб келиш орқали янги бозорларга чиқиш муҳимлиги айтилди. Янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва инвесторларга тақдим этиш бўйича лойиҳа гуруҳларининг ишини фаоллаштириш топширилди. Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ичимлик суви ва йўл инфратузилмаси дастурларидан келиб чиқиб, устувор лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.