Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб Аи-80 6800 сўмдан сотилади
Автобензин нархининг ошишига қарши ноль ставкадаги акциз солиғи муддати 1 мартда якунланади.
Ўзбекистонда Аи-80 русумли автобензин нархи 1 мартдан бошлаб 6800 сўмдан шаклланади.
Аи-80 русумли автобензин нархини кескин ошишининг олдини олиш бўйича белгиланган «ноль» ставкадаги акциз солиғининг муддати 1 мартга қадар амал қилади.
13 декабрдан бошлаб Аи-80 бензинига акциз солиғини бекор қилиш натижасида ўртача 6800—7500 сўмдан 5700—6000 сўмгача, ёки ўртача 1100 сўмга арзонлашди.
2023 йил 1 мартда юқоридаги тартибларнинг амал қилиш муддати (имтиёзли давр) якунлангандан кейин акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин шаклланиши ҳисобига Аи-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда.
Нархлар ўзгариши ҳисобига «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги АЙҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7000 сўмдан шаклланади.
Ўзбекистон ҳудудида қиш фаслида об-ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилганлиги аҳолининг Аи-80 русумли автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошишига олиб келди.