22 Fevral 2023, 14:23 Iqtisod

Ўзбекистон ичидаги арзон парвозлар март ойидан бошланмаслиги мумкин

Маҳаллий лоукостер сифатида ташкил этилган «Silk Avia»нинг биринчи учта самолёти келиши бир неча ойга кечикиб кетди.

Ўзбекистон ичидаги арзон парвозлар март ойидан бошланмаслиги мумкин

Шавкат Мирзиёевнинг «Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2023 йил март ойидан бошлаб 6 та янги маҳаллий йўналишда мунтазам парвозлар йўлга қўйилиши керак.

«Kun.uz» транспорт вазирининг матбуот котиби Наврўз Ашурматовдан олган маълумотга кўра, қарорда кўрсатиб ўтилган йўналишлардаги қатновларни янги ташкил этилган «Silk Avia» компанияси амалга оширади, лекин маҳаллий лоукостернинг самолётлари ҳали олиб келинмаган.

«Ҳозирда авиакомпаниянинг илк самолётларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деди вазирлик вакили. «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати ходими Аҳмаджон Орифжонов ҳам самолётлар келтирилмаганини тасдиқлади.

«Режамиз бўйича шу йил 1-чорагида парвозлар бошланиши керак эди, бу бўйича аниқ вақтни белгиламаган эдик. Чунки самолётлар ҳали келмаганди. Парвозлар учун «Silk Avia» компанияси тайёр, аммо унинг самолётлари йўқ ҳали.

Ҳозир 2 та самолёт Таиландда турибди, Таиланднинг Транспорт вазирлиги ҳаво кемаларини олиб кетиш бўйича ҳозиргача рухсат бермаган. Биринчиси тестдан ўтган, иккинчиси жараёнда, олдинма-кейин келишини кутяпмиз. Ушланиб қолгани учун 2 та самолёт бирданига келишини тахмин қиляпмиз.

«Uzbekistan Airports» бошқарув раиси мана шу самолётлар масаласи юзасидан Cингапурга учиб кетганди. Келиши билан янгилик бўлса, бу борадаги маълумотлар эълон қилинади», – деди у.

Орифжоновнинг қўшимча қилишича, қарорда келтирилган йўналишлардаги қатновларнинг авиачипталари нархи, аввалроқ Кун.уз ёзганидек, 180 минг сўмдан бошланади. Авиакомпания учта асосий тариф асосида ишлайди.

Mashhur yangiliklar