«Ўзагроэкспортбанк»даги давлат улуши 5 млн долларга сотилди
Банк устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети «Support Level»га сотилди.
«Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети хусусийлаштирилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, «Support Level» хорижий корхонаси «Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини 5 млн долларга сотиб олиш тўловини бирйўла тўлаб бериш, банк устав капиталини қўшимча 29 млрд сўмдан кам бўлмаган қийматга ошириш ҳамда банкнинг инфратузилма, технология ва маҳсулотларини ривожлантиришга камида 50 млн доллар инвестиция киритиш бўйича таклиф билан чиққан. Ушбу таклиф Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан маъқулланган.
«Ўзагроэкспортбанк АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштиришга аввал жалб этилган «Grant Thornton» халқаро консалтинг компанияси томонидан «Ўзагроэкспортбанк»нинг 2019 йил декабрь ойидан буён «кредит операциялари» тўхтатилгани сабаб кредит портфели 2022 йил 1 декабрь ҳолатига 6,1 млрд сўмни ташкил этиб, бунда муаммоли кредитлар улуши ўта юқорилиги, банкнинг айни даврдаги ҳолатига умумий зарари 31 млрд сўмни ташкил этгани натижасида жами соф активлари қиймати 50 млрд сўмлиги қайд этилган», – дейилади изоҳда.
Шунингдек, «Ўзагроэкспортбанк» Ўзбекистон Марказий банки томонидан банк назоратига оид иқтисодий нормативлар бажарилмагани, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарли миқдорда захиралар шакллантирилмагани, кредит ҳужжатларини расмийлаштиришда белгиланган тартибларга тўлиқ амал қилинмагани, шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тижорат банклари устав капитали миқдорига қўйилган талаблар бажарилмагани (устав капитали 29 млрд сўмга кам шакллантирилган) юзасидан огоҳлантирилган.