8 Fevral 2023, 15:40 Iqtisod

Шавкат Мирзиёев Тошкент ерусти метросининг қурилиш ишлари билан танишди

Қайд этилишича, ишлар якунлангач, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади.

Шавкат Мирзиёев Тошкент ерусти метросининг қурилиш ишлари билан танишди

Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент метрополитени ерусти метроси қурилиш ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 2020 йил августда Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган. Ўша йил декабрда Сергели йўналиши очилган. Ҳозирда ишлар давом эттирилиб, мазкур икки йўналишни боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен қурилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилган.

«Охирги йилларда бу борада ҳам тажриба тўпладик. Қўйлиқ йўналишида 7 та, Сергелида 5 бекатли ерусти метролари қурилди. Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда 600 мингдан ошди. Режамиз – 1 миллион йўловчи. Агар ўз вақтида буни бошламаганимизда, шаҳар транспортида коллапс бўлиши мумкин эди. Энди муқобил энергетикани ҳам ўрганмасак бўлмайди», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Таъкидланишича, бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ–Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 40 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин.

Mashhur yangiliklar