2 Yanvar 2023, 20:48 Iqtisod

Қашқадарёда қанча ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани маълум қилинди

Вилоятда ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олишга оид 1000 дан зиёд ҳолат фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилган.

Қашқадарёда қанча ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани маълум қилинди

Қашқадарё вилоятида 2022 йилда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ушбу ер участкаларида ноқонуний иморат қурилишига оид 1 934 та ҳолатда 1 720,7 гектар ер майдонида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Масъулнинг маълум қилишича, Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармасининг туман-шаҳар бўлимлари томонидан ер қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида ер қонунбузилиш ҳолатларининг 1 025 таси яъни 1 484,5 гектари жойнинг ўзида бартараф этилган.

«Фуқаролик ишлари бўйича судларга ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш тўғрисида 909 та (236,2 гектар) даъво аризалари киритилиб, шундан 541 таси қаноатлантирилган. 357 та даъво аризалари ҳозирги кунда кўриб чиқиш жараёнида», — дейди Номоз Чориев.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида кадастр ходимлари ерга оид қонунбузилиш ҳолатларининг энг кўпини Яккабоғ туманида аниқлашган. 217 та ҳолатда 30,1гектар. Қўшимча қилинишича, қонунбузарлик ҳолатлари Қамаши туманида 185 та ҳолатда 88,1 гектар, Қарши туманида 181 та ҳолатда 26,1 гектар, Косон туманида 153 та ҳолатда 1 174,0 гектар ва Касби туманида 155 та ҳолатда 120,8 гектарни ташкил қилган.

Mashhur yangiliklar