Дилбар Зокирова эри билан вaйнлар олаётганига изоҳ берди
«Баъзи гап-сўзлар асабимни бузяпти», — дейди актриса.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Зокированинг келини Дилбар Зокирова ҳозирги кунда эри билан вайнлар олаётганига изоҳ берди.
Дилбар Зокированинг сўзларига кўра, ижодкор иқтидорини намойиш этмаса чеккада қолиб кетаверади. Шу сабабли вайн орқали танилиб, кейин яна профессионал ижодни давом эттириш ниятида.
«Илгари актёрларга бошқачароқ тарбия беришган. Масалан, менга ҳам «Сен зўр актриса бўлгинки, режиссорларнинг ўзи олдингга келишсин», деб уқтиришган. Аммо бу ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Ижодкор иқтидорини намойиш қилмаса, чеккада қолиб кетаверади. Бу худди савдо мажмуасидаги четда қолиб кетган маҳсулотга ўхшайди. Театрда шундай зўр актёр ва актрисаларни танийман. Афсуски, уларни халқ деярли танимайди. Ҳозир томошабинлар фикрини инобатга олиб, вайнлар суратга оляпмиз. Аммо бу бўлди, энди фақат шу йўлда ижод қилади, дегани эмас. Одамларни жалб қилиб олгач, профессионал ижодни давом эттиришимиз мумкин.
Негатив муносабатлар ҳамиша бўлган. Аммо Эринг даюсми, нега сени халққа кўз-кўз қиляпти? деган гап-сўзлар асабимни бузяпти. Мен аввал ҳам сериалларда суратга тушардим, чунки актрисалик касбим», — дейди Дилбар Зокирова.