14 Iyun 2024, 10:28 Oʻzbekiston

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиши кутилмоқда

Бу ҳақда Бишкекда Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов маълум қилди.

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиши кутилмоқда

Яқин вақт ичида Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Бишкекда Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов маълум қилди.

2024 йил 13 июнь куни Бишкекда Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов ушбу муҳим тадбирда иштирок этаётгани учун барча йиғилганларга самимий миннатдорлик билдирди.

«Бугун биз Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари ва имкониятларини муҳокама қилдик. Сизнинг фаоллигингиз ва ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқишингиз умумий муваффақиятимиз гаровидир», — деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у яқинда, 2-3 май кунлари икки давлат бош вазирлари раислигида ҳукуматлараро комиссиянинг 11-мажлиси бўлиб ўтганини эслатди. «Ушбу учрашувда муносабатларимизни ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар, унда қабул қилинган қарорлар қўшма ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Биз турли соҳаларда салмоқли ютуқларни кўряпмиз ва бу форум олдимизга қўйган улкан мақсадларни рўёбга чиқариш йўлидаги яна бир қадам бўлди», — деди Санжар Болотов.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистонда Савдо ваколатхонаси очилгани икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ютуқ эканини таъкидлади. Мазкур ваколатхона қўшма товар ва хизматларни илгари суриш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишда муҳим рол ўйнайди.

Mashhur yangiliklar