Ўзбекистоннинг маҳсулот тақсимотига оид барча битимлари 1 августга қадар хатловдан ўтказилади
Қонунчиликни ЖСТнинг инвестиция чоралари тўғрисидаги битимига мувофиқ уйғунлаштириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон маҳсулот тақсимоти бўйича тузилган барча шартномаларни хатловдан ўтказади. Бу бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) келишувларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонда назарда тутилган.
Энергетика вазирлигига Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 августга қадар Ўзбекистон томонидан имзоланган барча маҳсулот тақсимотига оид битимларни тўлиқ хатловдан ўтказишни якунлаш топширилди.
Шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзавтосаноат» билан биргаликда ушбу санага қадар ҳукумат томонидан имзонланган барча инвестиция битимларини хатловдан ўтказиши керак. Шундан сўнг унинг натижалари бўйича Президент администрациясига аниқ таклифлар киритиш зарур.
Бу миллий қонунчиликни ЖСТнинг Савдо билан боғлиқ инвестиция чоралари тўғрисидаги битимига (TRIMs), шу жумладан, маҳаллийлаштириш ёки экспорт қилиш бўйича мажбуриятларни қўлламаслик талабларига мослаштириш мақсадида амалга оширилмоқда, дейилади фармонда.
Мавзуга оид хабарлар:
«Ўзбекистон 2 йил ичида ЖСТга аъзо бўлмоқчи» — Жамшид Хўжаев