Ўзбекистонда «Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» дастури йўлга қўйилади
Энди хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш харажатлари қопланади, уларда даволанган чет элликлар учун ҚҚС қайтарилади.
Ўзбекистондаги 86 та санаторий ва тиббий муассасаларда 2023 йилда 60 мингдан зиёд хорижий турист даволанди. Президент душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда бу кўрсаткични ошириш юзасидан топшириқлар берди.
Давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, охирги беш йилда хусусий клиникалар каррасига кўпайгани билан атиги 2 таси халқаро сертификат олган. Оқибатда чет элдан даволанишга келганлар улуши пастлигича қолмоқда, деди Шавкат Мирзиёев.
У тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини уйғунликда ривожлантириш бўйича яхлит ёндашув йўқлигини айтди. Шу боис илғор хорижий тажриба асосида «Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» дастури бошланиши эълон қилинди.
Эндиликда хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш, хорижий кўргазмада қатнашиш харажатлари бюджетдан қопланади. Клиникаларга келган чет элликлар учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади.
Аввалроқ экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга 2024 йилда 10 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилаётгани, мустақил халқаро ташкилотлар мамлакатдаги туризмни ривожлантириш ҳолатини барқарор деб баҳолаётганини таъкидлаган эди.
Йиғилишда президент, бундан ташқари, темирйўл ва авиачипталарни сафардан камида олти ой олдин сотувга чиқаришни топширди. Шунингдек, чет эллик ижрочилар концертларини ўтказишга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш ва қўшни давлатлар билан чегарадан ўтиш жараёнини осонлаштириш буюрилди.
Мавзуга оид хабарлар:
Савдо соҳасидаги корхоналар 2 ойда қанча солиқ тўлагани маълум бўлди