Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта тарифлари ошиши мумкин
Белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлари билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта тарифлари қайта кўриб чиқилишини эълон қилди.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонлари ўз вақтида тўланмаётгани ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани бўйича транспорт воситалари эгаларининг мурожаатлари сони ортиб бормоқда.
Таҳлилларга асосан 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келинмоқда. Хусусан, 2023 йилда Тошкент шаҳрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 миллион сўм суғурта суммаси ЙТҲларда жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолди.
Жаҳон банкининг статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистонда белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлари билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади.
Мавзуга оид хабарлар:
Сирдарёда юк машинаси йўловчилари бўлган автобус билан тўқнашди Сирдарёда юк автомобили ва автобус тўқнашувида йўловчи жароҳатланди Самарқандда учта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди Ўзганинг машинасини олиб қочган ўта хавфли рецидивист 15 йилга қамалди Самарқандда Nexia 3 тўхтаб турган Isuzu билан тўқнашиши оқибатида 2 киши вафот этди