БМТ Ўзбекистоннинг можаро ҳудудларидан фуқароларни қайтариш ҳаракатларини юқори баҳолади
Ўзбекистон президенти БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари билан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди.
15 май куни Шавкат Мирзиёев қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди.
Ўзбекистоннинг БМТ институтлари ва тузилмалари билан, энг аввало, терроризм ва бошқа трансмиллий хатар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Владимир Воронков Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш ташаббуси амалга оширилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ушбу ноёб механизмнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли якунлангани таъкидланди.
БМТ Бош котибининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институтининг кенг имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутувчи 2024–2025 йилларга мўлжалланган янгиланган «йўл харитаси» имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Ёшларни экстремизм ва терроризм ғояларининг бузғунчи таъсиридан ҳимоя қилиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва БМТ институтларида ёш мутахассислар учун стажировкалар ташкил этишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистон масаласи юзасидан фикр алмашилди. Бу мамлакатдаги вазиятга халқаро эътиборни кучайтириш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга оид хабарлар:
O‘zbekiston Yaqin Sharqdagi vaziyat keskinlashayotganidan xavotir bildirdi O‘zbekiston Isroilning harbiy harakatlariga qarshi ovoz berdi O‘zbekiston elektron hukumat reytingida 6 pog‘ona yuqoriladi Шавкат Мирзиёев Гутерриш билан учрашди БМТ Туризм ижроия кенгаши Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан маъқуллади