Соғлиқ ёмонлашувига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш декриминализация қилиниши мумкин
Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказишни декриминализация қилиб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказилиши кутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар қилди.
Қонун лойиҳаси билан ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтириш белгиланмоқда. Яъни, шу соҳаг тегишли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги моддалар сонини 12 тадан 15 тагача кўпайтириш орқали ярашув тўғрисидаги институтни қўллаш доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бу ўз навбатида, одамлар, айниқса қариндошлар, яқинлар ва танишлар ўртасида келиштирадиган тартибнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шунингдек, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни (Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми) декриминализация қилиб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказиш, шунингдек ушбу ҳуқуқий нормани янги квалификация белгилари билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мавзуга оид хабарлар:
Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди Қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси ясаб берган шахслар ушланди Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди Тошкентда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди Андижонда Telegram орқали фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган йигит ушланди