Кадастр соҳасида коррупциявий жиноят қилган 33 ходим қайта ишга кириб, яна шу каби жиноятларга қўл урди
Антикоррупция агентлиги кадастр соҳасида коррупциявий жинояти учун судланган шахслар фаолият олиб бораётгани ва такрор жиноятлар содир этаётганини аниқлади. Хусусун, пора бўйича ушланганларнинг 33 нафари аввал ҳам шундай жиноят учун судланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги кадастр соҳасида коррупциявий жиноят қилгани учун аввал судланган шахслар фаолият олиб бораётгани ва яна жиноятлар содир этаётганини аниқлади, бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Шундай бўлса-да, кадастр соҳасида муқаддам судланган шахслар фаолият олиб бораётгани ва яна такрор жиноятлар содир этаётгани аниқланди.
«Биргина фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш (пора беришга ундаш, жиноят содир этишга қизиқтириш — агентлик изоҳи) ва пора бериш жиноятини содир этган 127 нафар шахснинг 33 нафари ёки 26 фоизи муқаддам шу каби жиноятларни содир этгани учун судланган», — дейилади агентлик хабарида.
Коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кўплаб чора-тадбирларга қарамасдан, кадастр соҳасида ҳамон коррупциявий омиллар ва хавф-хатарлар сақланиб қолмоқда, дейилади хабарда. Таҳлиллар кадастр соҳасидаги коррупциявий жиноятларнинг аксарияти хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик қилиш, мансаб сохтакорлиги ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўналишларида содир этилаётганини кўрсатган.
Таҳлилларда содир этилаётган коррупциявий жиноятлар тури уларни содир этган шахсларнинг ижтимоий мақоми билан боғлиқ экани, Кадастр агентлиги тизимида асосан эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни сохталаштириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер олиб бериш ва ердан фойдаланиш каби ҳолатларда қонунбузилиши ҳолатларига кўз юмиш билан боғлиқ коррупциявий жиноятлар кўпроқ содир этилаётгани ҳамда бунга ходимларнинг ўз вазифаларига совуққонлик билан қараши, фуқароларнинг эса ҳуқуқий билими етарли эмаслиги каби омиллар сабаб бўлаётгани аниқланган.
Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ҳам коррупциявий ҳолатлар мавжуд бўлиб, жумладан, эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни сохталаштириш орқали фуқаролар ҳам, ходимлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Бундан ташқари, кадастр тизимида фаолият олиб борувчи ўзини ўзи таъминлашга ихтисослаштирилган Давлат кадастрлари палатасининг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари, назорат механизмлари аниқ белгиланмагани соҳада коррупциявий жиноятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Кадастр соҳасида фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш ва пора бериш жиноятлари осон мулкий даромад орттириш мақсадида ишончни суистеъмол қилиш билан боғлиқ ягона усулда содир этилган. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари турли хилдаги коррупциявий схемалар асосида амалга оширилган.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож жиноятлари асосан ер ажратиш тартибини бузиш, қонунбузилиши ҳолатларига кўз юмиш, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бермаслик йўналишларда содир этилгани маълум бўлди.
Айниқса, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияларда кадастр соҳаси ходимлари доимий фаолият олиб бориши оқибатида ер ажратиш билан боғлиқ жиноятлар эгалик ҳуқуқини берувчи қарорларни чиқаришга асос бўлувчи (қарорости) ҳужжатларига турли сохта маълумот ва ёзувларни киритиш, ерларнинг тоифаларини ва эгаларини ўзгартириш каби усулларда содир этилгани аниқланди.
Мазкур жиноятларнинг содир этилишига осон пул топишга ҳаракат қилиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича муросасиз муносабат шаклланмагани, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги ва муаммоларини ҳар қандай йўл билан, ҳатто қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилишга интилиши, давлат хизматчиларининг иш ҳақлари камлиги, мансабдор шахслар устидан ўрнатилган жамоатчилик назоратининг сустлиги ҳамда кадастр соҳасида ягона, қатъий ва мустақил назоратнинг йўлга қўйилмагани, соҳага муқаддам судланган шахсларнинг ишга қабул қилингани ҳамда маҳаллий ҳокимлик идоралари ваколатларининг самарали тартибга солинмагани кабилар асосий сабаб бўлмоқда.
Фуқаролар томонидан жиноят содир этилишига эса шахсий манфаатдорлик, осон пул топиш, улар ўртасида мунтазам тушунтириш ва тарғибот тадбирлари етарли даражада ўтказилмагани, жиноят содир этишнинг салбий оқибатлари англаб етилмагани сабаб бўлмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш ва таҳлиллар натижалари бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тизимда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома юборган.
Мавзуга оид хабарлар:
Samarqandda kadastr xodimi 1,5 ming dollar bilan qo‘lga tushdi