3 May 2024, 09:56 Oʻzbekiston

Тошкентда қум-шағал қазиб олаётган 9 нафар фуқаро 230 млн сўм тўлайдиган бўлди

Ҳолат юзасидан 9 та шахсга нисбатан МЖтКнинг 70прим 1-моддаси 1-қисмига асосан 91 миллион сўм жарима белгиланди.

Тошкентда қум-шағал қазиб олаётган 9 нафар фуқаро 230 млн сўм тўлайдиган бўлди

Тошкент шаҳрида қум-шағал қазиб олаётган 9 нафар фуқаро 230 миллион сўм тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги назорат инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар ИИБ ҳамкорлигида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди. Мазкур рейд тадбири президентнинг «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли фармони ижроси юзасидан амалга оширилди.

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, «Жарбоши» МФЙ, Чирчиқ дарёсида олиб борилган рейд давомида бир гуруҳ фуқаролар томонидан ноқонуний равишда экскаватор ва юк машиналаридан фойдаланган ҳолда қум-шағал хомашёси қазиб олинаётгани аниқланди. Натижада табиатга 139 миллион сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан 9 та шахсга нисбатан МЖтКнинг 70прим 1-моддаси 1-қисмига асосан 91 миллион сўм жарима белгиланди. Ҳуқуқбузарлар жами 230 миллион сўм тўлайдиган бўлди. Шунингдек, техника воситалари вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилди.

Mashhur yangiliklar