1 May 2024, 10:29 Oʻzbekiston

Ўзбекистоннинг янги элчиси Сингапур президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Янги элчи Сингапурга тайинланишидан олдин Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Ўзбекистоннинг янги элчиси Сингапур президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Қаюмов Сингапур президенти Тарман Шанмугаратнамга ишонч ёрлиқларини топширди. Ўзбекистон элчиси шарафига ҳукуматнинг Istana қароргоҳида фахрий қоровул саф тортди.

Таъкидланишича, Қаюмов Сингапур президенти билан суҳбат чоғида 2023 йилда амалга оширилган олий даражадаги ўзаро ташрифлардан сўнг алоҳида жадаллик касб этган кўп қиррали Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг халқаро бизнес, жумладан, сингапурликлар учун жозибадорлиги тобора ортиб бораётгани, бунинг яққол исботи сифатида Сингапур парламенти спикери бошчилигидаги ва 25 дан ортиқ ушбу давлат компаниялари вакилларидан иборат делегацияси бўлажак Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши қайд этилди.

Алишер Қаюмов Сингапурга март ойи ўрталарида ташриф буюрди. У Ўзбекистоннинг Сингапурдаги (2018–2024) ва Австралияда (2022–2024) ўриндошлик асосидаги элчиси (қароргоҳи Сингапурда) бўлиб ишлаган Қаҳрамон Шокиров ўрнига тайинланди. Янги элчи Сингапурга тайинланишидан олдин Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Mashhur yangiliklar