Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома тайёрланмоқда
Қурилиш учун Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги жой танланган. Лойиҳанинг тахминий қиймати 11 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Россиянинг «Росатом» корпорацияси ва Ўзбекистоннинг «Ўзатом» ташкилоти Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома тайёрламоқда. Бу ҳақда «Страна Росатом» хабар берди.
Шунингдек, Россия томони кам қувватли атом электр станциялари лойиҳаларини ҳам таклиф қилишга тайёр. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазирлиги раҳбари Денис Мантуров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АЭС қурилиш учун Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги жой танланган. Муҳандислик тадқиқотлари якунланган ва унинг атом электр станциясини қуришга яроқлилиги тасдиқланган. Бундан ташқари, лойиҳанинг оптимал техник конфигурацияси аниқланган.
Қайд қилинишича, айни пайтда буюртмачи ва халқаро экспертлар билан биргаликда атом электр станциясини Ўзбекистон энергетика тизимига интеграциялашнинг техник масалалари ўрганилмоқда, шунингдек, иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда сув сарфини камайтириш ва электр энергиясини максимал даражада ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
АЭС III+ авлоднинг иккита блокли ВВЭР-1200 реакторидан иборат бўлади. Уни ишга тушириш 2033 йилга мўлжалланган. Лойиҳанинг тахминий қиймати 11 миллиард долларга баҳоланмоқда.