Президент Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик билан танишди
Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди. 2−3 май кунлари ўтадиган тадбирда 84 та давлатдан қарийб 2500 киши қатнашиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. Форум 2−3 май кунлари бўлиб ўтади.
Қайд этилишича, 2022 йилда ўтган илк форумга 56 мамлакатдан мингдан зиёд хорижий меҳмон келган бўлса, бу йил 84 та давлатдан қарийб 2500 киши қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида ҳукумат вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, БМТ, ЕТТБ, ОПЕК, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар бор.
«Форум мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кўрсатиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни келишиш учун қулай майдондир. Шу боис унинг доирасидаги тадбирлар, муҳокама қилинадиган масалалар кўп», — дейилади хабарда. Жумладан, шуъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби 40 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган. Шунингдек, қатор лойиҳаларни ишга тушириш маросими кўзда тутилган.
Давлат раҳбари форумни юқори даражада ташкиллаштириш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини тўла намоён этиш бўйича кўрсатмалар берди. 3 май куни президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ҳам ўтказилади.
Ушбу кенгаш жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беради. Бу галги мажлисда ҳам мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилади.
Мавзуга оид хабарлар:
Ўзбекистон ва Миср илмий лойиҳаларга инвестиция киритишни муҳокама қилмоқда Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди 2023 йилда Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар 16 фоизга камайди Ўзбекистон ва Британия ноёб металларни қазиб олишда ҳамкорлик қилиши мумкин