Тошкентда тарбиячи боғча боласи билан қўпол муносабатда бўлиб, қўлини кўкартириб қўйди
Педагог ҳолатни онага изоҳлар экан, сўнгги пайтларда асаблари бузилиб кетганини, оилавий муаммолари борлигини айтган. Онанинг муассаса раҳбариятига мурожаатидан сўнг у ишдан олинган.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 414-сонли боғча тарбиячиси бола билан қўпол муносабатда бўлиб, қўлини кўкартириб қўйди.
Хонага ўрнатилган кузатув камераси ёзиб олган тасвирларда тарбиячи гуруҳдаги қизалоқлардан бирига қўпол муносабатда бўлиб, қўлини силтаб, бақиргани кўринади. Боланинг яқинлари воқеадан хабар топгач тарбиячи ишдан бўшатилган.
Видеоёзувга кўра, ҳолат 27 март санасида содир бўлган. Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг 414-сонли давлат боғчасида тарбиячи қизалоқлардан бирига бақириб, у билан қўпол муносабатда бўлган. Хархаша қилган болага қараб, жим бўлишини, бўлмаса урушини айтган. Педагог боланинг қўлини силташи оқибатида баданини кўкартириб қўйган, буни таҳририятга юборилган расмда кўриш мумкин.
«Мен камеранинг фақат 1 кун 3 соатлик ёзувини кўрдим. Шу 3 соат ичида болам йиғлаётгани учун 3 марта қўпол муомала қилган, уни оғзига зўрлаб шиша «бутилка»ни тиқиб қўйган, «жим бўл, бўлмаса ўлдираман» деган. Болам «урманг» деб бақирган.
Болаларга нисбатан яхши сўз йўқ, фақат бақиришгани, бошига уришганини кўрдим. Уйда баланд овозда гапиришни бошласам, қулоқларини ёпиб олади. Ўзимни айблагандим, маълум бўлдики, боламнинг руҳиятини шу одам бузган экан. Фарзандим ҳали 4 ёшга ҳам кирмади, лекин жуда кеч гапира бошлаяпти», — дейди жабрланувчининг онаси.
Таъкидланишича, ҳолат бошқа болалар билан ҳам доимий такрорланиб келади. Педагог ҳолатни онага изоҳларкан, сўнгги пайтларда асаблари бузилиб кетганини, оилавий муаммолари борлигини айтган. Онанинг муассаса раҳбариятига мурожаатидан сўнг у ишдан олинган.
Мавзуга оид хабарлар:
Andijondagi bog‘chada bolalarni nazoratsiz qoldirgan tarbiyachi ishdan olindi Surxondaryoda bog‘cha tarbiyachisi 5 yoshli bolani kaltakladi Бухородаги боғчада болалардан бирининг отаси бошқа болага жароҳат етказди Жиззахда болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячи ишдан бўшатилди 1 июндан олий маълумотли боғча тарбиячиларининг маоши ошади