1 Aprel 2024, 14:12 Oʻzbekiston

Тошкентда йўловчи аёлнинг оёғини ушлаб, шилқимлик қилган ҳайдовчи 5 суткага қамалди

Судда ҳайдовчи «скорост»га ураётганида қўли аёлнинг оёғига тегиб кетганини айтган. Аёл эса суҳбатни ёзиб олганини билдирган.

Тошкентда йўловчи аёлнинг оёғини ушлаб, шилқимлик қилган ҳайдовчи 5 суткага қамалди

2024 йил 29 март куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида шаҳвоний шилқимлик қилган навбатдаги ҳайдовчи 5 суткага қамалди. «Газета.uz» суд қарори ҳужжатини ўрганди.

Ҳужжатда қайд этилишича, жабрланувчи аёл 2023 йил ноябрь ойининг 11 куни соат 17:20 да Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, «Халқлар дўстлиги» саройи олдида такси тўхтатиб, Spark автомобилига ўтирган. Йўлда кетаётганида ҳайдовчи Х.О. (1994 йилда туғилган) аёлнинг қадди-қоматини тавсифлаб, оёғидан ушлаб, турли хил гапларни гапирган.

Аёл Х.О.ни гапларини ёзиб олганини билдириб, суддан унга қонуний чора кўришни ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраб, кўрсатувлар берган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар Х.О. ўша куни автомашинаси механика бўлгани сабаб, узатмалар қутиси ричагидан тезликни ўзгартираётганда (скоростга ураётганида) йўловчи аёлнинг оёғига унинг қўли силаб ўтганини билдириб, суддан ишни одилона кўриб чиқишни сўраб кўрсатув берган.

Суд Х.О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида (шаҳвоний шилқимлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, унга 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Шунингдек, қамоқда бўлган кунлари учун ундирилиши лозим бўлган харажатларни тўлашдан озод қилинди.

Mashhur yangiliklar