Ўзбекистон ва Қатар иқлим ўзгариши йўналишида ҳамкорлик қилади
Xалқаро тадбирларда ўзаро делегацияларнинг иштирокини таъминлаш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев Қатар атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири Абдулло Ал-Субаий билан учрашув ўтказди.
«Дунё» хабарига кўра, мулоқот чоғида чўлланишнинг олдини олиш, сувни тежамкорлик билан ишлатиш, «яшил» иқтисодиёт каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир Абдулло Ал-Субаийнинг айтишича, Қатар сўнгги йилларда мазкур йўналишларга катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, мамлакатнинг «2030 йилгача бўлган тараққиёт стратегияси» доирасида «яшил» иқтисодиёт, саҳро шароитида ва ёздаги намлик ҳамда юқори ҳарорат ҳолатида кўкаламзорлаштириш, томчилаб суғориш ва ушбу жараёнларга замонавий технологияларни жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Глобал иқлим ўзгариши оқибатлари олдини олиш мақсадида ҳамда Париж битимига мувофиқ Қатар 2030 йилгача умумий чиқиндиларни 25 фоизга камайтириш мажбуриятини ўз зиммасига олгани маълум қилинди. Таъкидланишича, сўнгги пайтларда Қатарда «тоза» энергияга сармоя киритиш ва ресурслардан самарали фойдаланишга эришиш учун кўплаб лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширилмоқда.
Қатар томонига Ўзбекистоннинг иқлим кун тартиби соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, «яшил» ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, шунингдек, экологик инқироз натижасида Оролбўйи минтақасидаги ҳалокатли вазият ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув натижасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Қатарда ўтказиладиган халқаро тадбирларда ўзаро делегацияларнинг иштирокини таъминлаш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Мавзуга оид хабарлар:
Қатар Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этишни бошлайди Ўзбекистон ва Қатар ишчиларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйяпти Ўзбекистон ва Қатар трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштириш ниятида Ўзбекистон ва Қатар стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим имзолади Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади