27 Mart 2024, 12:26 Oʻzbekiston

Президент Пунган-Наманган йўлини реконструкция қилишни маъқуллади

Хитой Поп туманида жойлашган Пунган қишлоғи ва Наманган шаҳри ўртасидаги йўлни реконструкция қилади ва кенгайтиради. Президент лойиҳани маъқуллаб, бу «Янги Ўзбекистонга янги йўл» бўлишини таъкидлади.

Президент Пунган-Наманган йўлини реконструкция қилишни маъқуллади

Шавкат Мирзиёев Поп туманидаги Пунган қишлоғи ва Наманган шаҳри ўртасидаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳасини тасдиқлади. Бу ҳақда у 25 март куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида маълум қилди.

«Бугун мана рухсат бердимки, Пунгандан Намангангача йўл қурилишини бошлаймиз. Йиллар давомида Наманган халқи, умуман, водий халқи, айниқса, қиш пайтлари жуда қийналяпти. Перевал бўлганидан кейин бу йўлни ҳам давом эттиришимиз керак эди, лекин тегирмон навбати билан деганларидек, навбати етиб келди. Янги Ўзбекистонимизга мана шу янги йўлни, албатта, қурамиз», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари «орқасида давлат турибди, президент турибди, кафолат турибди, айтган гаплари, албатта, бажарилади» деган ишонч ҳосил қилишлари учун инвесторлар билан Намангандаги лойиҳаларни шахсан ўзи муҳокама қилади.

Тақдимотда таъкидланишича, йўлни реконструкция қилиш ишлари жорий йилнинг 25 апрелида бошланиб, 2025 йилнинг тўртинчи чорагида якунланиши режалаштирилган. Магистрал йўлдаги тезлик 120 км/соатни ташкил қилади. Йўл бўйлаб кўприклар ва йўл ўтказгичлар, шунингдек, ерости ўтиш жойлари қурилади. Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг ойдинлик киритишича, гап йўлни реконструкция қилиш ва кенгайтириш ҳақида кетмоқда.

Лойиҳа 1960 йилда ташкил этилган ва Хитой давлат конгломерати бўлган CITIC Groupʼнинг қурилиш ва муҳандислик шуъба корхонаси CITIC Construction томонидан амалга оширилади. Компания, шунингдек, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида бизнесни ривожлантиради.

Mashhur yangiliklar