Хоразмда маст ҳолда 2 болани уриб юбориб, ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қамалди
Хива туманида маст ҳолатдаги ҳайдовчи йўл четидаги 3 нафар вояга етмаган болани уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетди. Улардан 2 нафари воқеа жойида ҳалок бўлди. Суд ҳайдовчини 9 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этди.
Хоразм вилояти Хива туманида 2 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9 йилдан кўпроққа қамалди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.
Қайд этилишича, воқеа 2023 йилнинг 15 декабрь куни туманнинг Атажон Тўра маҳалласидан ўтган Хива-Янгиариқ йўлида содир бўлган. Маст ҳолатда бўлган Cobalt ҳайдовчиси йўл четидаги 3 нафар вояга етмаган пиёдани уриб юборган, уларнинг 2 нафари (Ҳасан ва Ҳусан) воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди, 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олинган.
Жиноят ишлари бўйича Хива тумани судида ҳайдовчи узил-кесил 3 йилга транспорт воситаларини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 9 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилинди. «Тўйга бориб, спиртли ичимлик ичиб, рулга ўтириб, дўстим билан уйга қайтишимда йўл четидаги икки болани уриб юборганман. Кейин воқеа жойидан кетиб қолганман. Қилган ишим учун пушаймонман», — деди ҳайдовчи.
Мавзуга оид хабарлар:
Хоразмда 2,2 млрд сўмлик электр энергияси ўғирланди Сирдарёда юк машинаси йўловчилари бўлган автобус билан тўқнашди Сирдарёда юк автомобили ва автобус тўқнашувида йўловчи жароҳатланди Самарқандда учта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди Ўзганинг машинасини олиб қочган ўта хавфли рецидивист 15 йилга қамалди