22 Mart 2024, 16:26 Oʻzbekiston

Польша Тошкент вилоятида интенсив боғ ташкил этишни режалаштиряпти

Музокаралар натижасида Fruit family билан Тошкент вилояти Оҳангарон туманида интенсив боғ ташкил қилиш ва олмани қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Польша Тошкент вилоятида интенсив боғ ташкил этишни режалаштиряпти

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Польшага ташрифи давомида ушбу мамлакатнинг етакчи кампаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

«Дунё» хабарига кўра, Мазовия воеводлигига сафар давомида Fruit family корхонаси раҳбари Ежи Грзиб билан музокаралар бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, компания ҳозирги кунда 50 дан ортиқ давлатларга, жумладан Ўзбекистонга олма ва бошқа мева маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

Музокаралар натижасида Fruit family билан Тошкент вилояти Оҳангарон туманида интенсив боғ ташкил қилиш ва олмани қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Польшанинг Polpharma Group компанияси раҳбари ўринбосари Себастиан Шиманек билан кечган мулоқотда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Bank Pekao S.A. банки департамент директори Дмитрий Кушнеров билан бўлиб ўтган суҳбатда эса Тошкент вилоятида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Поляк томони қурилиш лойиҳаларини узоқ муддатли молиялаштириш масалаларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

Mashhur yangiliklar