6 йилда метродан фойдаланган йўловчилар сони 162 млн кишига етди
2017-2023 йилларда метрополитендан фойдаланган йўловчилар сони 2,6 маротаба ошган ва 61,6 млн кишидан 162,7 млн кишига етган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистонда йўловчиларни ташиш соҳасида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди.
Таҳлил 2017-2023 йиллар оралиғида мамлакатда йўловчиларни ташиш ва йўловчи айланмасида сезиларли ўсиш бўлганлигини кўрсатди. 2017 йилда барча транспорт воситалари орқали 5 679,0 млн киши ўз манзилига етказилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич салкам 6 452,0 млн кишини ташкил этди. Йўловчи айланмаси эса 130,0 млрд йўловчи-кмдан 152,7 млрд йўловчи-кмга ошган.
2023 йилда йўловчи ташишда автомобиль транспортининг улуши 97,2 фоизни ташкил қилган. Агар 2017 йилда 5 591,3 млн киши манзилга етказилган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 6 270,2 млн кишини ташкил қилган. Автомобиль транспортида йўловчи айланмаси мос равишда ортиб, 117,7 млрд йўловчи-кмдан 133,8 млрд йўловчи-кмга етган.
2017-2023 йилларда метрополитендан фойдаланган йўловчилар сони 2,6 маротаба ошган ва 61,6 млн кишидан 162,7 млн кишига етган. Мутаносиб равишда йўловчи айланмаси ҳам 459,1 млн йўловчи-кмдан 1 186,4 млн йўловчи-кмга кўпайган. Ҳаво транспорти воситасида ташилган йўловчилар ҳам мазкур давр мобайнида 2,4 баробар ошган ва 2,2 млн кишидан 5,3 млн кишига етган. Йўловчи айланмаси 7,5 млрд йўловчи-кмдан 13,8 млрд йўловчи-кмга ортган.
Транспорт хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан: йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 3 баробар ошириш, авиақатновлар сонини 4 баробарга ошириш, шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш, янги автобуслар сонини 5 мингтага ва электробуслар сонини 2 мингтага етказиш.
Мавзуга оид хабарлар:
2025-yilda metro uchun yana 26 ta poyezd xarid qilinadi Toshkent metrosida begona qizga shilqimlik qilgan erkak qamaldi Toshkent metropolitenida bir kunda o‘rtacha qancha yo‘lovchi tashilayotgani ma’lum qilindi Метро Қурбон ҳайити куни икки соатга вақтлироқ иш бошлайди Тошкент метроси учун июнда янги вагонлар олиб келинади