27 Yanvar 2023, 19:50 Iqtisod

2023 йилда нархлар ошишига қайси омиллар таъсир кўрсатиши мумкин?

Марказий банк раиси нархлар ошишига таъсир қилувчи инфляцион хатарларни санаб ўтди.

2023 йилда нархлар ошишига қайси омиллар таъсир кўрсатиши мумкин?

Марказий банкда 26 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида раис Мамаризо Нурмуродов 2023 йилда нархлар ошишига таъсир қилувчи асосий инфляцион хатарларни санаб ўтди.

«Марказий банкнинг асосий қиладиган иши – инфляцион хатарларни ўрганиш. Жорий йилда инфляцияга таъсир қилувчи қандай хатарлар кутилмоқда?

Биринчидан, асосий хатарлардан бири аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ошиб бораётгани билан боғлиқ.

Иккинчидан, базавий инфляция даражасининг юқори кўрсаткичларда шаклланаётгани. Учинчидан, буджет тақчиллигининг 4 фоиз даражасида шаклланиши ҳам маълум жиҳатдан инфляцион хатарларни келтириб чиқаради».

Мамаризо Нурмуродовнинг қўшимча қилишича, таклиф билан боғлиқ бўлган инфляцион хатарлар ҳам бор.

«Бугунги кунда метан газининг узиб қўйилганлиги бензинга нисбатан тақчилликни вужудга келтирди. Марказий банк метан заправкалари очиладиган бўлса, маҳсулот нархининг ошиши мумкинлигини хатар сифатида кўрмоқда.

Шунингдек, аномал совуқ мева-сабзавот ҳосилдорлигига салбий таъсир қилиши мумкин . Бу нарса нархларга оширувчи босим кўрсатади. Асосий савдо ҳамкорларимиз томонидан экспортга протекционизм чекловларининг киритилиши ҳам нархлар қимматлашишига олиб келиши мумкин», — деди Марказий банк раиси.

Бундан ташқари, қурилиш материаллари нархининг ошиши. Ҳозирги табиий газ узилишлари қурилиш материаллари таклифида танқислик келтириб чиқариб, келгусида бу маҳсулотлар нархлари ошишига олиб келиши мумкин. Пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши ҳам инфляцияга босим ўтказувчи хатар ҳисобланади.

Mashhur yangiliklar