Ўзбекистонда газ қазиб олиш кетма-кет бешинчи йил пасайди
2024 йил январь ойида 4 млрд куб метр газ қазиб олинди, бу ўтган йилнинг январига нисбатан 7,4 фоизга кам. Расмий статистика газ қазиб олиш кетма-кет бешинчи йил пасайганини кўрсатмоқда.
Статистика агентлиги 2024 йил январь ойи учун саноат статистикасини эълон қилди.
Унга кўра, январда табиий газ қазиб олиш 3 млрд 994,6 млн куб метрни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 317,3 млн куб метрга ёки 7,4 фоизга пасайган. 2023 йилнинг январь ойида 4 млрд 311,9 млрд куб метр газ қазиб олинган.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда 53,8 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 51,7 млрд кубга, 2023 йилда 46,7 млрд кубга тушган.
Умуман, кетма-кет беш йилдан бери Ўзбекистонда газ қазиб олиш кўрсаткичи пасайиш тенденциясини намоён қилиб келяпти. Расмий статистика 2020 йил январида 10 фоиз, 2021 йил январида 4,4 фоиз, 2022 йил январида 2,4 фоиз, 2023 йил январида 7,5 фоиз, 2024 йил январида 7,4 фоиз тушишни қайд этган.