Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 14 фоизга тушди
Президент 2023 йилда 5 миллион нафар аҳоли бандлиги таъминлаш бўйича топшириқ берди.
Ўзбекистонда 2022 йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича 2023 йил учун режалар муҳокама қилинмоқда. Давлат раҳбари камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилганини таъкидлаган.
Натижада ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани қайд этилди.
Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди. Бу ишларни 2023 йилда давом эттириш, бандликни таъминлаш бўйича барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарларига аниқ топшириқлар берилган. Жумладан, 2023 йилда 5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан 2 миллионта доимий иш ўринларини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.