25 Yanvar 2023, 00:15 Iqtisod

Ўзбекистон ва «Газпром» ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланди

Бундан бир ҳафта аввал «Газпром» Қозоғистон билан ҳам шундай ҳужжат имзолаган эди.

Ўзбекистон ва «Газпром» ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланди

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбари Алексей Миллер сешанба куни газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолади, дея хабар қилди компания матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар «ўзаро ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли масалаларини кўриб чиқдилар», дейилади хабарда. Бир ҳафта аввал Газпром Қозоғистон билан йўл харитасини имзолаган эди. Ҳужжат Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имкониятини кўзда тутади.

«Уч томонлама иттифоқ»

2022 йил ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилгани маълум бўлган эди. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов декабрда Ўзбекистонда совуқ ҳаво бошланиши билан бошланган энергетика инқирози фонида Ўзбекистон газни «қандайдир иттифоқ ёки иттифоқ йўли билан эмас, балки қўшнилардан — тижорат шартномаси асосида импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани»ни айтди.

Кейинроқ «Газета.uz» ўз манбаларига таяниб бир қатор икки томонлама учрашувлар чоғида россиялик ҳамкорлар билан газ соҳасидаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилингани ҳақида ёзди.

Mashhur yangiliklar