Ўзбекистон суд орқали Binanceʼдан лицензиясиз ишлаганлик учун жарима тўлашни талаб қилмоқда
Лицензиясиз фаолият юритгани учун Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан 102 млн сўм жаримага тортилган Binance криптобиржаси буни тўлашдан бош тортди.
Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суд орқали Binance халқаро криптобиржасидан мамлакатда лицензиясиз фаолият юритгани учун жарима тўлашни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида ИЛМА крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи орган сифатида Binanceʼни лицензиясиз ишлагани учун 102 миллион сўм жаримага тортганди.
«Кутилганидек, улар буни тўлашдан бош тортишди. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидан келиб чиқиб, судга тегишли даъво билан мурожаат қиламиз ва тегишли қарор қабул қилинади», — деди Вячеслав Пак.
Унга кўра, ИЛМА суд қарорларини расмий каналлар орқали криптобиржа рўйхатдан ўтган юрисдикцияга ижро этиш учун юборади. «Биз Binance фаолияти қонунчилигимиз талабларига мос келишини расман таъминлаймиз», — дея қўшимча қилди агентлик директорининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистонда 2022 йил август ойида саккизта криптобиржа, жумладан, энг машҳурлари — Binance, Kraken, FTX, Huobi Global веб-сайтларига кириш блокланганди.
Мамлакатда криптовалютани сотиш фақат ИЛМА томонидан лицензияланган ихтисослашган криптобиржалар орқали амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, криптовалюта алмашинувининг электрон тизимлари мамлакат ичидаги серверларда жойлаштирилиши керак. 2023 йил 1 январдан Ўзбекистонда фуқаролар ва юридик шахслар криптоактивларни сотиб олиш, сотиш ва алмаштириш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширишлари мумкинлиги белгиланган.