7 Fevral 2024, 13:15 Iqtisod

Муомаладаги нақд пул улуши яна қисқармоқда, карталардан нақд пул ечиб олиш камаймоқда — МБ

Карталарга тушган маблағлар тобора камайиб бормоқда — сўнгги беш йил ичида кўрсаткич 32 фоиздан 24 фоизга тушди.

Муомаладаги нақд пул улуши яна қисқармоқда, карталардан нақд пул ечиб олиш камаймоқда — МБ

2023 йилда Ўзбекистон банкларидаги умумий пул тушумларининг ҳажми (нақд пул ва терминаллар орқали) 669 триллион сўмни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 28 фоизга кўп, дейилади Марказий банк шарҳида.

Регулятор маълумотларига кўра, банкларга нақд пул тушумлари йил давомида 20 фоизга ошиб, 414 триллион сўмни ташкил этган. Шунга қарамай, нақд пул улуши 66 фоиздан 62 фоизга тушган (2021 йилда 69 фоизни ташкил этганди).

Терминаллар орқали тушумлар 44 фоиз — 255 триллион сўмга, уларнинг улуши — 34 фоиздан 38 фоизга (2021 йилда — 31 фоиз) ўсди. 2023 йилда банк карталарига 789 триллион сўм кирим қилинган, бу аввалги йилга нисбатан 1,4 баробар кўп. Карталарга тушган маблағлар тобора камроқ нақд пул шаклида ечиб олинмоқда: 2019 йилда 31,9 фоиз, 2020 йилда — 34,4 фоиз, 2021 йилда — 31,7 фоиз, 2022 йилда — 26,9 фоиз, 2023 йилда — 24 фоиз.

Нақд пулнинг умумий пул массасидаги (М2) улуши жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 21,5 фоизни ташкил этди, бу 2022 йилги ўсишдан кейин ўтган йилга нисбатан 0,8 фоизга кам. Таққослаш учун: муомаладаги нақд пулнинг улуши 2019 йилда 27 фоизга, 2020 йилда 23 фоизга, 2021 йилда 19,7 фоизга, 2022 йилда 22,3 фоизга етган.

М2 муомаладаги (банк тизимидан ташқари) нақд пул маблағлари, бошқа молия институтлари, давлат номолия ташкилотлари, хусусий сектор ва жисмоний шахсларнинг миллий ва хорижий валютадаги ўтказувчан, жамғарма ва муддатли депозитларини ўз ичига олади.

2019 йил май ойида Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов нақд пулнинг иқтисодиётдаги улуши юқори эканини Ўзбекистон резидентлари олди-сотди операцияларини асосан бозорларда амалга ошираётгани билан изоҳлаган эди.

Mashhur yangiliklar