24 Yanvar 2023, 00:36 Iqtisod

Ўзбекистонда 31 мингта кўп қаватли уйнинг фасадига базальт қопланади

Уйлар муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминланади

Ўзбекистонда 31 мингта кўп қаватли уйнинг фасадига базальт қопланади

Абдулла Арипов раислигида 23 январь куни аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиш ўтказилди.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовга кўра, мажлисда бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани маълум қилинди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.

Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди. Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратишимиз кераклиги қайд этилди.

«Ўзсаноатқурилишбанк» «Ўзсаноқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хом-ашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди. «Ўзелтехсанот» уюшмаси ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.

Mashhur yangiliklar