Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб беришни тиклайди
25 январдан қўшни мамлакатга электр экспортини тиклаш режалаштирилмоқда.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий 22 январь куни Ўзбекистонни Кобул ва Тошкент ўртасида имзоланган шартномада кўрсатилган миқдорда электр энергиясини етказиб беришга чақирганди.
Бунга жавобан Ўзбекистон томони 25 январдан бошлаб Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тикланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
14 январь санасидан республика ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида иссиқлик электр станцияларида ёнилғи таъминотида муаммолар, яъни ёнилғи танқислиги ва турли носозликлар пайдо бўлган.
Шунингдек, республика истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилганди.
«Ушбу форс-мажор ҳолати ҳақида Афғонистон энергетика ташкилоти огоҳлантирилган», — дейилади хабарда.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» мамлакатда ишлаб чиқарилган ва ички истеъмолга мўлжалланган электр энергияси экспортга йўналтирмаслигини қайд этди.