Давлат бюджети даромадларининг ўсиши кескин секинлашди
Ўтган йили ер, мулк ва жисмоний шахсларнинг даромад солиқларидан тушумлар сезиларли кўпайган.
2023 йилда давлат бюджети даромадлари 14,8 фоизга ошди. Таққослаш учун, ҳатто пандемия рўй берган 2020 йилда ҳам бюджет даромадлари бундан кўпроққа ошган эди. Ўз навбатида, айланмадан олинадиган солиқ камайган, фойда солиғи тушумлари эса бор-йўғи 8,5 фоизга ошган.
2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлари 231,7 трлн сўм бўлган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди. Харажатлар борасидаги маълумотлар ҳали очиқланмади. Вазирликнинг қайд этишича, 2023 йилда давлат бюджети даромадлари 2022 йилга нисбатан 14,8 фоизга ошган.
Бу – бюджет даромадлари ўсиши секинлашганини англатади. Даромадлар ўсиши 2022 йилда 22,5 фоиз, 2021 йилда 23,9 фоиз, пандемия бошланган 2020 йилда эса 18,5 фоиз бўлганди. 2023 йилнинг биринчи ва сўнгги банк кунлари учун Марказий банк белгилаган расмий курсларнинг ўртачасидан келиб чиқиб ҳисобланса, ўтган йилги давлат бюджети даромадлари 19,6 млрд долларга тенг бўлган.
Даромадларнинг 79,6 фоизини солиқлар, 20,4 фоизини эса солиқсиз тушумлар ва бошқа даромадлар ташкил этган. Ўтган йили солиқ турлари орасида энг юқори ўсиш божхона божида кузатилган – бу йўналишдаги тушумлар 2022 йилдаги 5,7 трлн сўмдан 2023 йилда 68,4 фоизга ошиб, 9,6 трлн сўмга етган.
Ер солиғидан даромадлар 30,2 фоизга (6,9 трлн сўмгача), мол-мулк солиғи тушумлари 27,5 фоизга (5,1 трлн сўмгача), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 23,0 фоизга (29,9 трлн сўмгача), акциз солиғи йиғимлари 17,0 фоизга (15,8 трлн сўмгача) ошган.
Солиқ турлари орасида айланмадан олинадиган солиқ ва фойда солиғи бўйича кўрсаткичлар пастлиги билан ажралиб туради. АОС тушумлари 4,0 фоизга (2,4 трлн сўмгача) пасайган бўлса, фойда солиғидан даромадлар ўсиши расмий инфлция даражасидан пастроқ бўлган – 8,5 фоиз (40,8 трлн сўмгача).