19 Yanvar 2024, 19:25 Iqtisod

Саноатни ривожлантириш жамғармасининг вазифалари белгиланди

Жамғарма маблағлари инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тақсимланади.

Саноатни ривожлантириш жамғармасининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан саноатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • саноат тармоқларида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, соҳага замонавий технологиялар ва билимларни олиб кириш ҳамда меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;
  • юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, хусусий сектор корхоналарида маҳсулот таннархини пасайтириш имкониятларини яратиш ҳамда уларни экспорт фаолиятига жалб қилиш ва янги бозорларни ўзлаштиришда иштирок этиш;
  • юқори қўшилган қийматли ва янги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган ва экспортбоп инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат ипотекаси тизими орқали молиялаштириш.

Металлургия, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, кимё, фармацевтика, тўқимачилик саноати (пахта йигириш ва қайта ишлаш бундан мустасно), ипак саноати, чарм ва пойабзал саноати (терини қайта ишлаш бундан мустасно), заргарлик буюмлари, озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари соҳасида биотехнология, замонавий қурилиш тармоқларини такомиллаштириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш фонд маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари бўлиб ҳисобланади.

Жамғарма маблағлари инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тақсимланади. Саноатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом қуйидаги тартибларни белгилайди:

  • жамғармани шакллантириш ва ушбу маблағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари;
  • жамғарма фаолиятини бошқариш;
  • жамғарма томонидан тижорат банклари орқали кредитлар бериш;
  • корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш учун жамғарма маблағларини жалб қилиш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш ва расмийлаштириш.

Шунингдек, ҳужжат билан ишлаб чиқарилиши Саноатни ривожлантириш жамғармаси томонидан молиялаштириладиган юқори технологияли ва муҳим маҳсулот турлари рўйхати ҳам тасдиқланган.

Mashhur yangiliklar