Хитой компанияси Ўзбекистонда елим ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи
«Ишончли ва ривожланишдан ортда қолмайдиган давлатга сармоя киритиш ниятидаман», — дейди инвестор.
Хитойнинг HL Technology компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, уюшма раиси Фахриддин Бобоев HL Technology компанияси вакиллари билан учрашган. Томонлар мамлакатда чармсаноат, қурилиш, мебелсозлик ва автомобилсозлик саноати учун зарур бўлган елим хомашёсини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилган.
Компания менежери Жун Шао Ўзбекистонда ишлаб чиқариш салоҳиятининг ортаётгани ҳамда халқаро бозорда мамлакат маҳсулотларига талаб юқорилиги сармоя киритишга қизиқишни ошираётганини таъкидлаган.
«Хомашёни маҳаллийлаштириш борасида чармсаноат корхоналарининг изланувчанлиги тармоқнинг истиқболи юксаклигини кўрсатмоқда. Ишончли ва ривожланишдан ортда қолмайдиган давлатга сармоя киритиш ниятидаман», — дейди у.
ҲЛ Течнологй компанияси Ўзбекистонда саноат тармоқлари учун зарур бўлган елим ва формалин хомашёсини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ташаббусини билдирган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 10 миллион долларни ташкил этади.
2023 йилда Ўзбекистон саноат корхоналари жами 31 миллион долларлик елим хомашёсини хориждан импорт қилган. Мазкур лойиҳанинг самарали амалга оширилиши натижасида камида 50 фоизи ички бозор талаби қопланиши қайд этилган. Инвесторга сармоявий лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий ва ташкил жараёнлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этилган. Келишув Хитойда имзоланади.