11 Yanvar 2024, 20:19 Iqtisod

Кешбэк бўйича чеклов фуқароларнинг 98 фоизига таъсир ўтказмайди — Солиқ қўмитаси

Қўмита чекловлар баъзи одамлар бошқа одамларнинг чекларини ва бу орқали кешбэкларини ўзлаштираётгани сабаб жорий этилганини тасдиқлади.

Кешбэк бўйича чеклов фуқароларнинг 98 фоизига таъсир ўтказмайди — Солиқ қўмитаси

Давлат солиқ қўмитаси 2024 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига солиқ кешбэки қайтариладиган харидларнинг умумий миқдори ойига базавий ҳисоб-китоб миқдорининг 60 бараваридан (20,4 млн сўм) ошмаслиги белгиланганига изоҳ берди.

Яъни, аввалроқ ёзганимиздек, энди «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирмаган фуқаронинг харидлари учун ойига олиши мумкин бўлган максимал солиқ кешбэки миқдори 204 минг сўмни ташкил этади.

Солиқ қўмитаси ушбу чеклов фойдаланувчиларнинг 98 фоизига, яъни ой давомида одатда 20,4 млн сўмгача миқдорда харидларни амалга оширувчи барчага таъсир қилмаслигини таъкидлади.

«Қолган 2 фоиз фойдаланувчилар бошқа шахсларга тегишли чеклар суммасини ўзлаштириб олгани ёки тадбиркорлар томонидан харидорга чек бермай, ўзи ёки қариндошлари орқали рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари кузатилгани юзасидан шикоятлар бўлган. Шу боисдан ҳам шундай тартиб жорий этилди», — деди қўмита бош инспектори Анвар Неъматов.

Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида фойдаланувчиларнинг 98 фоизида 200 минг сўмгача бўлган кешбэк йиғилган, «бу эса максимал миқдор адолатли ва тўғри белгиланганлигини англатади», — деди бош инспектор.

Mashhur yangiliklar