Мансабдор шахслар манфаатлар тўқнашувига йўл қўймоқда
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар бўйича изоҳ берди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахслари томонидан айрим тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган машиналардан ўз хизмат вазифасини бажаришда фойдаланиб келинаётганлиги кенг жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчисининг мажбуриятлари белгилаб берилган бўлиб:
- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши;
- давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан), шу жумладан, ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилиши;
- ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, шунингдек ўз хизмат фаолиятига, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқароларнинг фаолиятига қонунга хилоф таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик давлат фуқаролик хизматчисининг мажбурияти ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 19-моддасига асосан, манфаатлар тўқнашуви давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз хизмат ваколатларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда фуқароларнинг, жамиятнинг ёки давлат органининг шахсий манфаатдорлиги ва ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият ҳисобланади.
Маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига тегишли автотранспорт воситаларидан фойдаланиши юқорида қайд этилган нормаларга зид бўлиб, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини келтириб чиқармоқда. Бу эса ўз навбатида, коррупциявий хавф-хатарларнинг юзага келишига, кенг жамоатчиликнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, умуман ҳокимият органларининг фаолиятига салбий муносабатнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан агентлик томонидан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, шу жумладан, туман ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартиб ва муддатларда эълон қилиб бориш, барча туман (шаҳар) ҳокимликларида ўрганиш ўтказиш, хусусан, ҳокимликлар балансидаги автотранспорт воситаларини инвентаризациядан ўтказиш юзасидан сўров юборилган. Бундан ташқари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига тегишли автотранспорт воситаларидан ўз хизмат вазифасини бажаришда фойдаланиб келаётган барча туман (шаҳар) ҳокимликлари мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чораларни кўриш назоратга олинган.