«Кредит рейтингининг туширилиши биз учун сигнал бўлди» — «Ўзбекнефтгаз» раҳбари
Баҳодиржон Сидиқов компаниянинг кредит рейтинги пасайгани ва S&P халқаро рейтинг агентлиги прогнози ёмонлашгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, бу компанияга «вазиятни тўғрилаш» учун сигнал бўлди.
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов компаниянинг кредит рейтинги пасайтирилгани ва S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги прогнози ёмонлашгани юзасидан «Газета.uz»га изоҳ берди.
Ноябрь ойи охирида S&P «Ўзбекнефтгаз» АЖ рейтингини «BB-»дан «B+»га, рейтинг прогнозини эса «барқарор»дан «салбий»га туширганди. Бу компаниянинг паст натижалари, юқори қарз юки, Uzbekistan GTL тўлиқ қувват билан ишламаётгани, мажбуриятларнинг бузилиши ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтимоли камайгани билан боғлиқ.
Шунингдек, ноябрь ойида S&P`дан бир ҳафта олдин ўз шарҳини эълон қилган Fitch рейтинг ва прогнозни ўзгаришсиз қолдирди, фақатгина кредитга қобилиятлилик даражасини «b+»дан «b»га туширди. Бунга кутилганидан пастроқ даромадлилик даражаси, қарзга олинган капиталнинг ўз капиталига нисбати даражаси секинроқ пасайиши бўйича прогноз, ликвидликнинг давомли чеклангани ва яқинда кузатилган фоиз тўловларини қоплаш бўйича ковенантга амал қилмаслик (компания ковенантга амал қилмаслик учун рухсат олган) каби омиллар таъсир кўрсатган.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбарининг таъкидлашича, S&P прогнозининг пасайиши компания бўлинмаларининг давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича очиқлиги етарли эмаслиги билан боғлиқ, бу эса S&P компаниянинг ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтимоли камайишини хулоса қилишига ва компания қарзларини тўлай олмаслиги мумкинлиги ҳақидаги қўрқувга олиб келди.
Компания раҳбари халқаро рейтинглар «Ўзбекнефтгаз» учун барометр ва халқаро инвесторлар томонидан берилган баҳо эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги баҳолаш компанияга «вазиятни тўғрилаш» учун сигнал бўлган.
Баҳодиржон Сидиқов агентлик ҳисоботи чиққанида газ ишлаб чиқариш таннархи 345 сўм (илгари Энергетика вазирлиги таннарх 1890 сўм эканини маълум қилганди) бўлса ҳам, «Ўзбекнефтгаз» 340 сўмдан сотганини айтди. Шу билан бирга, ҳар сафар S&P ташрифлари давомида ҳукумат яқин келажакда газ тарифларини оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган, бироқ бу амалга ошмаган, деди у.
Шу боис рейтинг агентлиги «Ўзбекнефтгаз» қандай қилиб инвестиция дастури амалга ошириши ва бундай нархларда қарзни тўлаши ҳақидаги саволлар билан шундай хулоса чиқарган.
«Ҳақиқатан ҳам, «Ўзбекнефтгаз»нинг катта қарзлари бор. Компаниянинг молиявий ҳолатини мураккаблаштирадиган асосий муаммо кредитларнинг 70 фоиздан ортиғи SOFR (пул бозорида АҚШ долларидаги фоиз ставкаси — таҳр.) ва LIBOR`нинг (Лондон банклараро валюта бозорида кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси — таҳр.) сузиб юрувчи (ўзгарувчан) ставкаларига эга экани билан боғлиқ. Бунгача SOFR 0,2 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир у 5 фоиздан ошди. Рейтинг агентлиги фоиз тўловлари ошиб бораётганидан хавотир билдирди», — деди у.
Баҳодиржон Сидиқов кредит юки юқори бўлишига қарамай, «Ўзбекнефтгаз» тарихда ҳеч қачон кредитлар бўйича тўловларни ўтказиб юбормаганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ S&P ва Fitch компаниялари вакиллари билан учрашиш ва уларнинг компаниянинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, даромадлари пасайиши ва Uzbekistan GTL заводига оид саволларига жавоб бериш учун Лондонга борган.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбари ҳисобот эълон қилинганидан сўнг компания еврооблигациялари қиймати 79 фоизга тушганини, учрашув ва мулоқотлардан сўнг эса 85 фоизга кўтарилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, рейтинг агентликлари ва инвесторлар билан алоқани яхшилаш бўйича барча чоралар кўрилган, январь ойи ўрталарида эса S&P таҳлилчилари билан мулоқотни қайта бошлаш режалаштирилган. Компания 2024 йил давомида рейтингни тузатиш ниятида.