Давлат дастурлари доирасидаги кредитлар электрон платформаларда ажратилади
Шунингдек, давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил этилган кичик тадбиркорларга товарларини йилига 10 млрд сўмгача тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.
Президент 15 ноябрь куни «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, 2024−2026 йилларда:
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан:
- кичик тадбиркорларга ажратиладиган кредит қолдиғи 1,7 бараварга оширилиб, уларнинг кредит портфелидаги улуши 28 фоиздан 43 фоизга етказилади;
- кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 800 млн долларгача ресурс жалб қилинади;
- 300 млн доллар миқдорида облигация (евробонд)лар халқаро капитал бозорларида муомалага чиқарилади;
- 150 мингта кичик тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилади.
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан:
- кичик ва ўрта тадбиркорларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар ҳажми 8 триллион сўмдан 14 триллион сўмга етказилади;
- 150 та ўрта бизнес корхонасига улуш киритилади ва хизматлар ипотекаси асосида 300 та лойиҳа тадбиркорларга сотилади;
- ўрта тадбиркорлар сони 2,5 бараварга оширилади;
- 300 млн доллар миқдорида облигация (евробонд)лар халқаро капитал бозорларида муомалага чиқарилади.
2023 йил 15 декабргача ҳудудлар ва давлат дастурлари йўналишлари кесимида 2024 йилда 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланади.
2024 йил 1 июлдан давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш учун кредит ажратишнинг барча босқичлари электрон платформаларда амалга оширилади.
2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорларга ўзлари ишлаб чиқарган товарларни давлат буюртмачиларига бир йилда 10 млрд сўмгача тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилади.