Ўзбекистоннинг уч ҳудудида ОТБ маблағлари ҳисобидан агрокомплекслар қурилади
Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида янги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш, ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича агрологистика комплексларини қуриш назарда тутилган.
«Осиё тараққиёт банки иштирокида «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўртасида «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини босқичма-босқич амалга оширишни молиялаштириш учун 2019 йил 4 майда йиллик 2 фоиз ставкада, шу жумладан, 5 йил имтиёзли даврга 25 йилда қоплаш муддати билан қиймати 197,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз битими имзоланган.
Лойиҳа доирасида Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида янги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш, ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича агрологистика комплексларини (агрокомплекслар) қуриш назарда тутилган.
Қонунчиликка мувофиқ халқаро молиявий институтларнинг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида:
- агарда ушбу лойиҳалар халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган бўлса, юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинмайди;
- лойиҳани амалга ошириш даврида агрологистика марказлари ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларидан истисно тариқасида тўланадиган ер ва мол-мулк солиғидан;
- ушбу қарз маблағлари ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божи тўлашдан озод этилади.
Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2019 ― 2025 йиллар) ташкил этади. Президент қарорига мувофиқ Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятлари ҳудудларида агрологистика комплексини қуриш учун ажратилган ер майдонлари қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар тоифасига ўтказилсин.
Автомобил йўллари қўмитаси, «Ўзбекистон темирйўллари» агрологистика марказларининг темирйўл шохобчалари ва автомобил йўлларини Андижон вилояти «Ахтачи», Тошкент вилояти «Жалоир» ва Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ургут иқтисодий зонасига яқин ҳудудидаги 5-темирйўл шохобчаси ва станцияларига ҳамда автомагистрал йўлларига туташиш бўйича лойиҳалаш чораларини кўради.