Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида сув таъминоти хусусий секторга ўтказилади
Сув таъминоти хизматлари учун тарифлар ишлаб чиқариш таннархига ва бошқа мажбурий тўловларга киритилган харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга берилaди.
Тегишли қарор президент томонидан 24 октябрь куни имзоланди. «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг таркибига кирувчи корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелга қадар алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилади:
- ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар орқали сув етказиб бериш ҳамда сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар билан боғлиқ бўлган сув объектларини ривожлантириш, шунингдек, эксплуатация қилишни таъминлаш бўйича ташкилот;
- ичимлик сув тармоқлари орқали ва транспортда истеъмолчиларга сув етказиб бериш, оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш, тегишли тармоқларни ҳамда оқова сув тизимларини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бўйича акциядорлик жамияти шаклида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари.
Ҳужжатга кўра, ичимлик суви таъминоти ва оқова хизматлари учун тарифлар ишлаб чиқариш таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш харажатлари, молиявий харажатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Янги объектлар ва ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимларини лойиҳалашда тегишли ҳудуднинг тўлиқ қамраб олиш даражасини ҳисобга олиш талаби белгиланади.