2024 йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдори оширилиши режалаштирилмоқда
Умумий ҳисобда иш ҳақи, пенсия ва стипендияларга давлат бюджети харажатларининг ярмидан кўпи йўналтирилади.
2024 йилда Ўзбекистон давлат бюджетининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар, шунингдек, айрим хизматлар бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлари 9,55 трлн сўмни ташкил этади.
Жорий йилда иш ҳақи ва пенсияларни оширишга 3,8 трлн сўм йўналтириш режалаштирилганди, лекин уларни индексация қилиш учун қўшимча 2,6 трлн сўм (жами — 6,4 трлн сўм) йўналтирилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, иш ҳақини 1 фоизга қўшимча ошириш учун йилига қарийб 1,3 трлн сўм, пенсияларни 1 фоизга ошириш учун эса йилига 600 млрд сўм маблағ талаб этилади.
Ҳужжатга кўра, агар 2024 йил охиригача инфляция даражаси иш ҳақи ва пенсиялар ўсиши даражасидан ошса, 2025 йил январидан бошлаб иш ҳақи ва пенсияларни шу фоизлар даражасида ошириш орқали компенсация қилиш тартиби жорий этилади.