Тошкент аэропортидаги меҳмонхона қайта аукционга қўйилди
Лотнинг бошланғич баҳоси йилига 1,29 млрд сўмни ташкил этади. Нарх етти ой аввалги суммага нисбатан қарийб тўрт баравар ўсган.
Апрель ойида Тошкент аэропортида капсулали меҳмонхона очилиши маълум қилинганди.
Ҳудудни ижарага бериш бўйича тегишли лот E-аукцион платформасида жойлаштирилиб, бошланғич йиллик қиймати 325,4 млн сўмни ташкил этганди. Бироқ меҳмонхона сотилмади.
«Uzbekistan Airports» матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент аэропортида жойлашган мазкур меҳмонхона қайта аукционга қўйилди.
Меҳмонхона халқаро авиақатновлар терминали жўнаб кетиш залининг стерил ҳудудида жойлашган ва транзит йўловчилар учун мўлжалланган. Ҳозирга келиб, у тўлиқ қуриб битказилган ва фойдаланишга тайёр.
Компания ижарачи — меҳмонхона бошқарувини тўлиқ ўз қўлига оладиган меҳмонхона соҳасидаги профессионални қидирмоқда. Тегишли лот электрон платформага жойлаштирилди.
Лотнинг бошланғич баҳоси йилига 1,29 млрд сўм, закалат пули эса 64,8 млн сўмни ташкил этади. Нарх етти ой аввалги суммага нисбатан қарийб тўрт баравар ўсган.