Бензин тақчиллигига олиб келадиган омиллар йўқ — Рақобатни ривожлантириш қўмитаси
17 октябрдан бензин хариди лимити 5 тоннадан 10 тоннага оширилган. Тақчиллик ва нархларнинг ошишига йўл қўймаслик бўйича ишчи гуруҳлар тузилади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда Аи-80 бензини сотиб олишга чекловлар киритилгани ва бу тақчилликка олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Қўмита маълумотларига кўра, биржа савдоларида бензиннинг 80 фоизи 1 тн лотларда, қолган қисмида вагон нормасида (60 ва 55 тн) сотилмоқда ва бугунги кунда биржа савдоларида Аи-80 бензинини сотиб олиш бўйича чеклов ўрнатилмаган.
«Агар август ойида жами кунлик 2,8 минг тн маҳсулот қўйилган бўлса, октябрь ойида ўртача 3,2 минг тоннадан савдога чиқарилмоқда, яъни таклиф 14 фоизга оширилган, бу эса кўпроқ харидорларга маҳсулотни олишга имконият яратади», — дея таъкидлади қўмита.
«Бензинга талабнинг мавсумийлигини ҳамда нархларнинг юқори даражада тез ўзгарувчанлиги ҳисобга олган ҳолда қўмитага амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни барқарорлаштириш мақсадида бир савдода маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдорини белгилаш ваколати берилган ва ушбу чора маҳсулотга талабнинг ошиши даврида бир неча йилдан буён бозор мувозанатини барқарорлаштириш учун давлат томонидан қўллаб келинадиган номонетар восита ҳисобланади», — дейилади баёнотда.
Шундан келиб чиқиб, август ойида бензин нархларининг ошиши натижасида маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 5 тн этиб белгиланган эди. Мазкур чоралар ҳамда таклифни оширилиши сентябрь ойи охирида ҳамда октябрнинг биринчи ярмида биржа савдоларида бензин нархларининг 10 фоизгача пасайишига ва бирмунча барқарорлашишига олиб келди, дея таъкидлади қўмита.
Шуларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, жаҳон бозорларидаги юзага келган салбий тенденциялардан (нефть нархларининг ошиши, бензин экспортига ўрнатилган чекловлар) келиб чиқиб импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида 17 октябрдан маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 10 тоннагача оширилди, дея таъкидлади қўмита.