Ўзбекистон–Хитой индустриал парки ташкил этилади
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Хитойга ташриф буюрди.
8 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Хитойнинг Ханчжоу шаҳрига ташриф буюрди.
«Ханчжоу Хуацзя» давлат қароргоҳида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой давлат кенгаши бош вазири Ли Цян бошчилигида ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда ўзаро савдони 12-13 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, яшил энергетика, автомобилсозлик, электротехника, рангли ва ноёб металларни қайта ишлаш, ақлли қишлоқ хўжалиги, агро ва сувни тежайдиган технологиялар ишлаб чиқариш соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Бунинг учун замонавий технологияларга асосланган Ўзбекистон-Хитой индустриал паркини ташкил этиш таклиф этилди.
Учрашувда бўлажак олий даражадаги музокаралар иқтисодий кун тартибини аниқ янги истиқболли лойиҳалар билан тўлдириш, эришилган келишувлар ижроси ҳолати юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Ханчжоуга ташриф доирасида Huawei, Energy China international, Silk road fund сингари Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича ҳам учрашувлар ўтказилди.